Сб, 2024-05-18, 1:13 PMГлавная | Регистрация | Вход

Меню сайта

  • Mehmonlar fikri 
  • Календарь новостей

    «  Июнь 2007  »
    ПнВтСрЧтПтСбВс
        123
    45678910
    11121314151617
    18192021222324
    252627282930

    Форма входа

    Приветствую Вас Гость!

    Поиск

    Наш опрос

    uzbekistonda iqtisodiyotning tushib ketishiga nima sabab?

    Результаты · Архив опросов

    Всего ответов: 439

    Статистика

    Главная » 2007 » Июнь » 2 » Чустлик ихтирочи Набижон Жўнаев: “Мен президент И. Каримов қабулига киришга 19 йилдан бери уриниб келаман...”
    Чустлик ихтирочи Набижон Жўнаев: “Мен президент И. Каримов қабулига киришга 19 йилдан бери уриниб келаман...”
    2:49 PM
    Чустлик ихтирочи Набижон Жўнаев: “Мен президент И. Каримов қабулига киришга 19 йилдан бери уриниб келаман...”

    Нашр қилинди: 02 июн, 2007 йил

    “Мен Ислом Каримовнинг қабулига у раҳбарлик қилган ўн тўққиз йил мобайнида кира олмаяпман. Мен унга олтмишдан ортиқ хат ёздим ва бирор марта ҳам жавоб ололмадим...” – дейди Набижон Жўнаев. Наманган вилоятининг Чуст туманида истиқомат қилувчи фуқаро ўз мамлакати раҳбарига нималар ҳақида ёзган? У ўз халқи лидерига қандай гапни етказишга зўр бериб уринаяпти ва нима учун олий ҳукмдор ўзининг ташаббускор фуқаросидан хира пашшадек қутулмоқчи бўлаяпти?..

    Наманган вилоятининг Чуст тумани тупроғининг тошлоқлиги билан ажралиб туради, бу қишлоқ хўжалиги ишларини қийинлаштиради ва ҳосилдорликни пасайтиради. Набижон ака – қурувчи, у ўз меҳнат фаолиятини ИЧМК ишлаб чиқариш бўлимида муҳандисликдан бошлаган, кейинчалик бу ташкилотга бошлиқ бўлган, 1990 йилда эса ўзининг хусусий фирмасини ташкил қилган. Совет давридаёқ у иккита ихтиронинг муаллифи бўлган. Мустақиллик йилларида ҳам қишлоқ хўжалиги учун фойдали бўлган механизмларни ўйлаб топишдан тўхтамаган. Охирги ихтироси учун патентни 2006 йилнинг мартида олган.

    1979 йилдан бошлаб Набижон Жўнаев ернинг мелиоратив аҳволини яхшиловчи, ишлов бериладиган ерни қатламини тошлар, илдизлар ва бошқа зарарли аралашмалардан тозаловчи машина яратиш билан шуғулланади. Бу ихтиро унинг алоҳида ифтихори ва муаммолари сабабидир. Сўнгги йилларда ихтирочи республикада ўз машинасини тайёрлаш ва ёйишга ҳечам эришолмаяпти.

    Аввал-бошда ҳамма нарса кўнгилдагидек кетаётганди. Ихтирога патент берилган ва у ҳатто Совет Иттифоқи ҳукуматидаги юқори лавозимли кишилар эътиборига тушганди.

    Н. Жўнаевнинг ихтироси 1999-2001 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш дастурига ҳамда М.3.11 шифри билан механизмлар реестрига киритилганди. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида тупроқнинг мелиоратив аҳволини яхшилаш эса республика Вазирлар маҳкамасининг 2001-2010 йиллар учун дастурига киритилганди.

    Ўшанда, президент девони кўрсатмасига биноан, Фан ва техника қўмитасида бир неча илмий кенгаш ўтказилганди. Машина муаллифига машинани модернизация қилиш ва зарур ҳисоб-китобларни чиқариш тавсия этилиб, кейин уни яна фан ва техника бўйича қўмитанинг инновацион дастурига киритиш таклиф қилинганди.

    Жўнаев катта қийинчиликлар ва савобталаб одамлар ёрдами билан Чуст таъмирлаш-ишлаб чиқариш корхонасида машинанинг ягона нусхасини яратишга муваффақ бўлган. Дала шароитида ўтказилган синовлар чоғида машина ўзининг ишлаш қобилияти юқорилигини кўрсатган. Бу туман муҳандис-техник ходимлари актлари билан тасдиқланганди. Бундан ташқари, Чустга келган ва машинани синашда иштирок этган республика қишлоқ хўжалиги мутахассислари ҳам уни юқори баҳолагандилар. Машинани синашда иштирок этган мутахассислар ишчи органнинг фақат икки узелини такомиллаштириш зарурлигини қайд этгандилар.

    Умидлар билан тўлиб-тошган Жўнаев машинанинг республика қишлоқ хўжалигига жорий этиш учун “Фарҳод тижорат” ишлаб чиқариш фирмасини ташкил қилган. У мелиорация бўйича ДМКБ билан ХД-02-022-096 рақамли экспериментал намунани яратиш бўйича шартнома тузган, мазкур шартномага кўра, иш 1996 йилнинг сентябрида бошланиши ва 1998 йил августида якунланиши керак эдди. Шартномада 2160,0 минг сўм миқдорида машинанинг тажриба нусхасини яратиш бўйича иш ҳақи кўзда тутилганди. Жўнаев аванс сифатида 100 минг сўм пул тўлаганди.

    1996 йил декабрида ирригация бўйича ДМКБ раҳбарлари Чустга келганлар. Жўнаев яратган тажриба машинасининг ягона нусхаси билан танишган мутахассислар машинанинг бу нусхасини ДМКБга юбориш ва уни ўша ерда такомиллаштириш яхшироқ бўлишига ишонтирганлар.

    “Бу янги машина яратишдан кўра осонроқ, пули ҳам арзонроқ тушади”, - дегандилар улар.

    1997 йилнинг 8 январь куни Жўнаев ўз машинасини “КамАЗ”га ортиб, Тошкентга жўнайди ва уни ДМКБга топширади. Энди Жўнаевнинг олдида фақат битта муаммо турарди: шартномада кўзда тутилган ишларга ҳақ тўлаш учун маблағ топиш керак эди.

    Аммо тез орада Жўнаев кутилмаган “сюрприз”га дуч келган: у минг машаққат билан яратмиш машина изсиз ғойиб бўлган. Ихтирочи прокуратурага мурожаат қилган. Биз узоқ давом этган маҳкама тафсилотлари билан муштарийларимизнинг вақтини олиб ўтирмай, ихтирочи Набижон Жўнаев ўн йил мобайнида яратган, ишлов берилувчи тупроқни тош ва илдизлардан тозалайдиган машинанинг ягона тажриба нусхаси йўқолиши билан боғлиқ текширувни бугунги кунгача чўзиб келаётган масъул мансабдорларнинг номини санаб ўтиш билан кифояланамиз.

    Булар – Тошкент шаҳар Собир Раҳимов туман прокурори К. И. Тожиқулов, Тошкент шаҳар хўжалик суди ҳаками К. А. Умаров, ДМКБ раҳбариятига нисбатан жиноий иш очиш ҳақида қарор чиқарган Б. М. Боймоқов, Х. Х. Жалилов, Ш. Ж. Худойбердиевлардан иборат аппеляцион коллегия, Собир Раҳимов ТИИБ терговчиси Ф. М. Миркаримовдир. Бу терговчи аввал даъвогарнинг манфаатларини қатъий туриб ҳимоя қилган ва ҳатто ДМКБдаги айрим мутахассисларни ҳибсга олмоқчи ҳам бўлган, кейин эса ишда жиноят унсурлари йўқлигини сабаб қилиб кўрсатиб, ишни ёпган.

    Ниҳоят, 2006 йилнинг 17 февраль куни суд даъвогарга 715.950 сўм (тақрибан 570,0 доллар) тўлаб бериш ҳақида ҳукм чиқарган. Жавобгар бу ҳукмдан хурсанд бўлган. Ахир бу маблағ Жўнаев ўз вақтида машинани Чустдан Тошкентга етказиб бериш учун “КамАЗ” ҳайдовчисига тўлаган пулга тенг эди-да. Набижон ака “Фарғона.Ру” АА мухбири билан бўлган суҳбат чоғида ҳозир бунақа машинани яратиш учун 18 миллион сўмдан кўпроқ (15.000 долларга яқин) пул керак бўлишини билдирди.

    Набижон Жўнаев И. Каримов раҳбарлик қилган ўн тўққиз йил мобайнида йигирма марта унинг қабулига киришга уринганини айтади. Ихтирочи президентга 60 дан ортиқ хат йўллаган, аммо уларнинг биронтасига ҳам жавоб ололмаган. Каримовга ёзган мактубларининг бирида Жўнаев оддий одамларни президент қабулига қўймаётган бюрократик аппаратга қарши норозилик изҳор қилароқ, ҳатто очлик эълон қилмоқчи ва Мустақиллик майдонида пикет уюштирмоқчи бўлганини ёзганди. У майдонга келгач, ўз плакатини ёймоқчи бўлган, бироқ унинг олдига бир милиционер келиб, норозилик намойиши ўтказишни тақиқлаган.

    - Бу ердан кетинг, амаки, ғалва оширманг. Мени тўғри тушунинг, менинг учта болам ва қари ота-онам бор, - дея илтимос қилган милиционер ундан.

    “Бу мамлакатда киши ҳатто норозилик сифатида очлик ҳам эълон қилолмаслигига амин бўлгач, мен ўзимга ёрдам бериши мумкин бўлган кишилар ва ташкилотларни қидира бошладим”, - дея ҳикоя қилади Жўнаев. Ихтирочи Қирғизистонга жўнаган ҳамда уч кун мобайнида Америка Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича қўмитаси раҳбари ва чет эл радиолари журналистлари билан учрашган. Улар Жўнаевга очлик ва пикет йўли билан жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилишда амалий ёрдам кўрсатишга ваъда қилганлар. “Амалий ёрдам” иш ташлаш учун шароит яратиш ва қуйида мазмуни келтириладиган плакатни тайёрлашдан иборат бўлган!

    “ЙЎҚОЛСИН ПРЕЗИДЕНТНИНГ БЮРОКРАТИК АППАРАТИ!”

    “ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ДЕМОКРАТИЯДАН ДОД, ДОД ВА ЯНА ДОД!”

    Шунга қарамай, оқсоқол Жўнаев президент Каримов унинг ажабтовур машинасидан ҳеч бўлмаганда бир нусха яратишга ёрдам беришига умид қилади. Бир неча кун аввал у президентга яна битта мактуб ёзган:

    “Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

    Мен, Жўнаев Набижон, шу Ўзбекистон деган ватанда дунёга келибман. Ёшим 58 дан ошибди, энди бу ёғига қанча умр кўраман - ёлғиз Аллоҳга маълум. Лекин тириклигимда ризқ-рўзимизни яратаётган шу ватаннинг оддий деҳқонлари мен яратган машинани бир нусхасини кўришлари шарт, деб биламан. Ундан кейин майли - мени “Ҳизбутчи” ёки “ваҳҳобий” ёки “террорист” ёки наркотик билан шуғулланади ёки шантажист ёки умуман бошқа ёрлиқлар ёпиштириб, оттириб ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм қиласизларми, у ёғи сизларга ҳавола, менга барибир!!!” Мактубдан иқтибос олинганда муаллиф услуби сақланган.
    Манба: «Фарғона.Ру»

    Просмотров: 1879 | Добавил: uzbeknews | Рейтинг: 5.0/1 |
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024 |